МИБ ходимига қаршилик кўрсатган шахс 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг ижро варақасига асосан М.Уразовдан “Financial boon” МЧЖ фойдасига 1 млн. 715 минг сўм қарздорликни ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Бюронинг Косон туман бўлими давлат ижрочилари жорий йилнинг 14-июнь куни қарздор М.Уразовнинг яшаш хонадонига бориб, қарздорликни тўлаб бериши, акс ҳолда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилишини тушунтиришган.
Шу пайтда қарздор М.Уразов қарздорликни тўламаслик мақсадида омма олдида юриш-туриш қоидаларига риоя қилмасдан, бўлим ходимларини оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилган.
Шунингдек, ходимлар мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширмоқчи бўлганларида, қаршилик кўрсатиш мақсадида темир жисм билан давлат ижрочиси Ж.Мажидовнинг бошига санчиб олган.
Оқибатда, бўлим давлат ижрочисига тан жароҳати етказганлиги натижасида уларни ўз хизмат вазифаларидан воз кечишга мажбур қилиб, у билан боғлиқ ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, судга юборилган. Жиноят ишлари бўйича Косон тумани судининг ҳукмига кўра М.Уразов айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.