Бундан 8 йил илгари футбол ҳақида бир ҳазилона шеър ёзган эканман. Кеча шуни топиб олдим ва бугунга мослаб таҳрирладим...
ФУТБОЛГА АШАДДИЙ МУХЛИС ҚИЗ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Яшил майдон маликасисан,
Тўп сурасан.
Мен сенга рақиб!
Сен айёрсан, мени-чи қизил
Карта ҳамон ҳам қилмоқда таъқиб.
Ўнгу сўлдан зарбалар бердинг,
Дарвозабон – юрак титрайди.
Уқтиргансан, тинмас қурғур жон –
Мағлубият недир билмайди.
Барча ҳислар сен учун ўйин,
Гол керакдир, фақатгина гол!
Йўлларимда кўп йиқилишлар,
Ҳаётимга тўлиб кетган фоль.
Сен алдашни яхши кўрасан,
Алданишни кўрасан ёмон.
Мен эса югуриб, халлослаб
Етолмайман ортингдан ҳамон.
Ўхшамайсан бошқаларга ҳеч,
Қизлар... салон излайди улар, –
Бири қирқар узун сочини,
Бири лабин ғунчадек қилар.
Бири упа сурар юзига,
Бошқа бири бўяйди қошин.
...Сенинг хаёлингда Ҳусанов
Еб ўтирар пиширган ошинг.
Шомуродов чой ичар сенла,
Машарипов қуради суҳбат.
Мамнун айтар Аббос: “Қайтайлик,
Кўп ўтирдик, бегойим, раҳмат...”
Юрагингда ҳавасларинг кўп,
“Миллионлар ўйини”, – дейсан.
“Ахир қачон дунёда ўзбек
Кўрсатади бўйини?” – дейсан.
Ҳа, ростан ҳам жонкуярсан сен,
Сендан сира бўлмайди нолиб.
Ўй сурасан аёл бошингга
Ўзбекистон бўлсин деб ғолиб.
Эркам, менинг мангу бахтимсан,
Сенга шараф – менга ниятдир.
Мухлисалик турганда чорлаб,
Салон излаб юриш уятдир!
Мен олдингда эгадирман бош,
Тўлиб барча камиму кўстим.
Кел, азизим, танишгин Равшан
Эрматов бу энг яқин дўстим.
Кўп нарсани ундан сўраб ол,
У жаҳонда ўйинлар кўрган.
Майли, футбол...
Муҳаббатда ҳам
Адолатни сен ундан ўрган!
Гарчи, соғинч зарбалари кўп,
Қўрқмайман ҳеч ҳуштак сасидан.
Тўп сурасан.
Мен сенга рақиб,
Яшил майдон маликасисан...
август, 2017 й.
Раҳмат Бобожон
#эски_дафтардан | @Rahmat_Bobojon