"ДИРЕКТОРНИНГ ОДАМИ"
ёки Бобур Элмуродни ишга олганимиз ҳақида
(Гурунг)
Ўзи сарлавҳани ҳийлаи шаръий десак ҳам бўларди-ю сал камтарроқ бўлаверайлик, дедим. Устозимиз, ўз даврининг ардоқли сиёсий шарҳловчиси Талъат Солиев раҳматли ҳар икки гапнинг бирида ҳазил аралаш "камтарроқ бўлаверинглар", деб қўярди. Устознинг шу олтинга тенг ундовига бир мартагина риоя қилгим келди. Нега ҳийлаи шаръий, дейсизми? Кичкинагина, фикримизча шариатга хилоф келмайдиган ҳийлача ишлатгандик бир маҳаллар.
"Ёшлик" журналининг 2025 йилги 1-сонида ажойиб ижодкор, яхши шоир, тирик фикрли журналист укамиз Бобур Элмурод билан суҳбат эълон қилинибди. Бобур айтган кўп оригинал гаплар, тўғриси, ҳайратимни оширди. У олдиндан шундай, шеърда ҳам, мақолада ҳам теша тегмаган гапларни, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фикрларни айтади. Сарлавҳаси ҳам оригинал: "Олтин чиқмаса - тупроқ бир пул". Нега? Сарлавҳани ўқиб, тупроғимизнинг ўзи олтин-ку, деган эътироз бутун вужудингизни қамраб олиши мумкин. Шошилманг, суҳбатни тўлиқ ўқигач, тўғри, деб ич-ичингиздан иқрор бўласиз, ўхшатишига қойил қоласиз.
Шоир укамиз бадиий ижодни кончиларнинг меҳнатига ўхшатган. Тирноқдек тилла ажратиб олиш учун тоғ-тоғ тупроқ кавланади-ку. Тилла чиқмаса, қанча тупроқ чиқарсангиз ҳам бир пул, деган у. Ижод ҳам шундай-да, ёзганингизнинг ҳаммаси ҳам дурдона асар бўлавермайди, гарчи минг истеъдод соҳиби бўлсангиз ҳам. Суҳбатда бундан ҳам зўр гаплар бор. Менга айниқса контракт пулини тўлайолмай талабалар сафидан чиқарилган пайтда бир тасодиф билан фалсафа факультети деканига дуч келгани-ю у кишининг ёрдами билан яна талабалар сафига қайтиши бошқача таъсир қилди. Худо яхши кўрган бандасига шундай тасодифлар юбораверар эканда. Бундай қарасангиз, Бобурнинг ҳаётида бунга ўхшаш омадли тасодифлар кўп.
Энди гапнинг индаллосига ўтсак, биз Бобур билан 2011 йилми, 2012 ми, бироз муддат бирга ишлаганмиз. Суҳбатни ўқиш давомида хаёлим ўша йилларга кетиб қолаверди. Ҳозир шунинг гурунгини бермоқчиман.
Ўшанда "Садо" газетасига янги раҳбарлар келган эди, олдин"Садо" МЧЖ директори ва "Садо" газетаси бош муҳаррири лавозимларида Орифжон Муҳаммаджоновнинг бир ўзи ишлаган бўлса, энди уларнинг ҳар қайсисида алоҳида бошлиқ бор, денг. Ҳамма нарса ўзгаряпти. Янги бошлиқлар биз - эскидан ишлаб келаётганларга ўгай кўз билан қарашаётган пайтлар эди.
Шундай кунларда марказий газеталардан бирида ишловчи эски қадрдонимиз телефон қилди. Салом-алик, ҳорма-бор бўлдан кейин бир яхши йигит бор, қалами зўр, ўзи эсли-ҳушли, мўмин-қобил бола, ишга олмайсизларми, деб қолди. Оллоҳга таваккал қилиб, келсин-чи, деб юбордим. Ҳаялламай ўша йигит келди. Республика радиоси ҳовлисидан ташқарида бироз гаплашдик. Мақолаларидан олиб келган экан, айримларига кўз югиртирсам, балодай. Қалам дегани нақ хўрознинг пихи, дейсиз.
Ҳозир мен буни директорнинг олдига олиб кирсам, янги раҳбар қандай қабул қилади, худди бизга ўхшаб бунга ҳам ўгай кўз билан қарамаслигига ким кафолат беради? Шу пайт калламга бир фикр келди, Бобурга тўғри тушунтирдим, радио остонасида ички телефон бор, шундан бошлиғимизга телефон қиласиз, шундай-шундай, ишга кирмоқчиман, дейсиз. Қолганини кейин гаплашамиз, деб директорнинг ички рақамини бериб, деворга осиғлиқ турган телефонни кўрсатиб, ўзим ичкарига кириб кетдим.
Зинадан учинчи қаватга кўтарилаётганимда олдимдан биз билан бирга ишлайдиган, газетанинг югир-югир ишларини қилиб юрадиган ҳамкасбимиз чиқиб қолди. Ҳа, десам, директорнинг олдига бир бола келибди, шуни олиб чиқаман, деди. Яхши, деб жимгина хонамизга кириб кетдим. Орадан бирор ўн беш-йигирма дақиқалар ўтгач мени директоримиз чақирди. Хуллас, бу ёғи мен ўйлагандек кетаётган эди.
Директор менга Бобурни яхшилаб "таништирди", кўринглар, ёмон болага ўхшамайди, деди охирида. Шу билан иши осон кўчиб, дарров ишга олинди, ҳар сонда қўша-қўша мақолалари чиқади, директоримизнинг тилидан "Бобур" тушмайди. Шу тариқа укамизни жамоада ҳамма орқаворотдан "Директорнинг одами", дейдиган бўлди.
(Давоми кейинги саҳафада)
Холиёр Абдиев,
Чирчиқ-Тошкент
06.04.2025