-Бекорларни айтибсан?- Икром жаҳлдан қизариб кетди,- сен ... сен эсингни едингми? Мен оилали эркакка кўз сузадиган суюқоёққа уйланаманми?
-Унда яхшироқ...
-Шифокорга айтаман миянгни ҳам текширади. Сен аҳмоқона фикрларни миянгдан чиқариб ташла. У қиз аллақачон Ўзбекистондан ҳам чиқиб кетган.
Беғубор гапирса йиғлаб юборишини билиб индолмади. Гаплари ичида қолиб кетди.
-Бу ҳақида ҳеч кимга, айниқса, Жасминга айтма. Боламизни ўйла. Ҳаммасини бафуржа гаплашиб оламиз кейин.
Икром чиқиб кетди. У бу ишни ким қилганини аниқлаши лозим эди. Кейин кўрсатиб қўяди ким бўлса ҳам.
Беғубор эса жонсиз қўғирчоққа ўхшаб қолганди. Шифохонадан чиққанида аҳволи анча яхши бўлсада, юзларидаги ғам аримади.
-Нима қилсам хурсанд бўласан,- деди Икром уни бағрига босиб.
-Ҳеч бўлмаса бир кунгина қишлоққа бориб келай. Аввал ота онам билан кейин бувим билан яшаган уйимизга. Унга узоқ бир қариндошимиз қараб турибди.
-Бўпти сабр қил,- деди Икром,- уйни таъмирлашсин.
-Ёўқ,- деди қиз жон ҳолатда,- истамайман.
-Унда у ёқ, бу ёқни тартибга солишсин. Бир ҳафта яшаб келамиз.
Беғубор бош силкиди. Икромни боришини ҳоҳламаса ҳам ҳеч нарса демади. Икром барибир ўз билганидан қолмайди. Севинч ҳақида қайтиб гаплашишмади. Икромни ҳайрон қолдириб, Беғубор ҳеч нарса демади. Бошқа аёллардек жанжал, араз қилмади. Фақат дардини ичига ютиб жим бўлиб қолди. Икром уни жойномоз устида аввалгидан кўпроқ дуо қилаётганини кўриб турарди. Қизни олдида ўзини оқлаб ўтиришни истамас, айни пайтда уни бу ҳақида гапирмаётган асабийлашарди. Уни қишлоқдаги уйи ҳақидаги гап айни муддао бўлди. Апрел ойи кириб келиб, кунлар бир мунча исиб қолганди. Икром ҳамма ишини ташлаб қишлоққа йўл олди. Уй анча эскириб қолган бўлсада, мустаҳкам эди. Икромни буйруғи билан уй ҳудди эски ҳолича бўлиб, биронта ҳам замонавий анжом келтирилмаган эди.
Беғубор ота уйига кириши билан уни гўзал бир туйғу чўлғаб олди. Болалигига қайтгандек юраги ҳапқирди. 10 ёшида ота онасидан айрилди. Аммо ўшангача онаси ҳақиқий муслима аёл қандай бўлиши кераклигини қизига ўргатиб кетди. Уларни кунлари оддий ва меҳр муҳаббат билан тўла ўтарди. Ота онасини бирон марта уришганини кўрмаган эди. Доим бир бирларига меҳр билан боришарди. Онасини бошқа фарзанд кўролмагани ҳам бахтларига тўсиқ бўлмаганди.
Беғубор кейинчалик ҳам оила қуриш ҳақида ўйласа ҳаёлига ота-онасини ҳаёти келарди. Шу сабабли ҳам Маъруфни умр йўлдоши сифатида тасаввур қила олмади. Икром эса...
-Нега ҳаётда ҳар доим ҳаммаси яхши бўлмаслиги ҳақида ҳам айтмагандингиз она,- Беғубор ёлғиз қолиб онасини нарсалари солинган сандиқни очар экан юм-юм йиғларди,- нега бувим билан мени алдадингиз. Ҳаёт ҳам доим ҳам эртакдагидек бўлмас экан-ку. Оқ от минган шаҳзодалар ҳам кўзга тик қараб бемалол алдар экан. Сочингни толасига арзимайди деган аёлга бемалол қучоғидан жой бераверар экан. Кафтимда кўтариб юраман деб бахтни еттинчи қаватига чиқариб, кейин хиёнат гурзиси билан бир умр ерни қарига киритиб юборар экан. Юрагим ёниб кетяпти она. Ҳар куни яна кимни топар экан деган ўй, юрагимни кемириб ташлаяпти. Ҳатто болам учун ҳам ўзимни қўлга оломаяпман.
Беғубор онасини сандиғи қучоқлаб узоқ йиғлади.
-Беғубор,- Икром кириб қолмаганида бу аҳволда узоқ ўтирарди,- агар бундай сиқилишингни билсам олиб келмасдим.
Қиз кўзёшларини артди.
-Овқат қилмайсанми? Ўчоқдан бошқа нарса ҳам йўқ экан.
-Ўчоқни овқати ширин бўлади.
-Қўшниларда ҳам газ йўқ. Қандай жой бўлди бу ер.
-Истамасангиз кетамиз.
-Йўқ. Жонингга теккунча қоламиз.
Беғубор ўрнидан туриб аввал нарсаларини жойлаштирди. Кейин келтирилган маҳсулотлардан овқат қилишга киришди. Икром уни атрофида айланиб юрарди. Беғубор ўчоққа олов қалаб ишга киришди.
-16 йил шу ерда яшагансанми? Шунақа овқат қилар эдингизми?
-Ҳа,- Беғубор йиғлаб кўнгли озроқ бўшаган эди.
-Отанг нима иш қилган.
-Далада ишларди. Уйда вақти ҳам сира бекор ўтирмасди. Қўлидан ҳамма нарса келарди. Онам сурпа, нимча, енгса қилиб сотарди.