Оналар васвасаси: сунъий тақиқлар муаммоси
- "Укангни мактабга ташлаб кел," дедилар онам.
"Ия, 6-синф болаку. Мактаб яқин бўлса, машина йўл бўлмаса, ўзи кетса бўлмайдими?"
"6-синфимда мен ундан 10 баробар узоқ жойга ўзим борардимку, она?"
- "Йўқ, ҳозир замон бошқа!"
Бу каби суҳбатлар доимо бир хил жавоб билан тугарди:
"Ҳозир замон нотинч! Ҳозир бошқа замон!"
Ҳақиқатан ҳам, шундайми?
"Thinking, Fast and Slow" китобида "мавжудлик эвристикаси" (availability heuristic) деган маълумотга кўзим тушди:
Мавжудлик эвристикаси — эслаш осон бўлган маълумотлар орқали хулоса чиқариш.
Яъни, миямиз катта маълумотларни таҳлил қилишга эринади ва энг осон, кўзга кўринган, ҳиссиётга бой маълумотларни олади. Шуларга асосланиб хато хулоса чиқаради.
Мисол: Телевизорда самолёт аварияси ҳақида эшитдингиз. Шундан сўнг, миянгиз самолёт — ўта хавфли транспорт деб ўйлайди.
Нега?
Чунки бу маълумот ҳиссиётга бой, эслаш осон ва яқинда эшитилган.
Аслидачи?
НСС берган статистикага кўра, самолёт машинадан 100 баробар, автобусдан эса 8 баробар хавфсиздир.
Иккинчи мисол: Акулалар ҳақида кўп кино кўриш денгиздан қўрқишга сабаб бўлади.
Статистика эса буни қандай кўрсатади?
Акула ҳужумидан кўра бошга кокос тушиб ўлиб кетиш эҳтимоли 20 баробар кўпроқ.
Ҳа, энди тушундим:
Нега ота-оналар бугун аввалгидан кўра кўпроқ қўрққан ва хавотирли.
Бунга сабаб: Телевизор ва оммавий ахборот воситалари одамларни қўрқитиш учун турли «ваҳима» хабарларини тарқатади.
Айниқса бизнинг каналлар — "Ваҳима солиш 2025" танловида юқори ўринларга чиқишса ажаб эмас..
Энди менинг ваҳимамни эшитинг:
Ваҳималарга қулоқ солавериш бизни ўта эҳтиёткор қилиб қўяди — "уни қилма, буни қилма, дарахтга чиқма, қум ўйнама, у ерга борма, уйда жим ўтир!"
Бола қийинчилик кўрмайди. Энергияси сўнади. Эркаклигини тўлиқ ривожлантира олмайди.
Ибн Халдун мамлакат таназзулга учрашида шаҳарда ўсган эркакларнинг ўрнини айтиб ўтади:
"Саҳро ёки қишлоқ болалари оғир шароитда, курашда, эҳтиёж ичида улғайгани учун жасур бўлади. Шаҳарликлар эса фаровонлик ва юмшоқликда улғайганлиги сабабли, уларда довюраклик кам бўлади, қўрқоқлик устун бўлади."
Яъни, ортиқча тақиқлар билан ўсган болалар заифлашади, ўзига ишончсизлик ривожланади.
Жанговар муҳит, қийинчиликсиз ўсган болалар психологик жиҳатдан заиф ва қўрқоқ бўлади.
Ибн Халдуннинг назариясига кўра, саҳро ёки қишлоқ болалари келажакда ўлкани босиб олади, давлатни эгаллайди.
Хулоса қилиб айтганда,
1. Ваҳималарга таяниб хулоса чиқарманг.
2. Ушбу хулосаларга таяниб болаларга кўп тақиқ қўйманг.
P.S: Ваҳима қилинаётган муаммолар йўқ демоқчи эмасман. Бор, бўлган ва бўлади.
Айтмоқчи бўлганим — ваҳимага тушиб, болаларга ортиқча тақиқ қўйманг.
@Ustoz_kundaligi