Дуойим ижобат бўлмади
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳга ҳамдлар, Росулуллоҳ, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
Аллоҳ таъоло бандаларига дуо қилишга буюрди. Уларнинг дуосини албатта ижобат қилишлигини айтди, бунга шубҳа йўқдир! Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди». (Ғофир: 60)
Аллоҳ таоло деди: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар». (Бақара: 186)
Шундай экан мусулмон киши бунга иймон келтиргандир. Аллоҳ таъоло бандаларини дуосини албатта ижобат қилади. Дуо - ибодатдир, ҳар бир ибодатнинг ўзини арконлари бўлгани каби дуода ҳам ўз шартлари бор. Банда дуо қилишда унинг шартларига риоя қилиш лозимдир. Шулардан баъзиларини айтиб ўтамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга, ижобат бўлишига қатъий ишониб, дуо қилинглар!» (Термизий, № 3479; Имом Аҳмад, № 6617).
Аллоҳнинг бандалари, дуо мустажоб бўладиган муҳим омиллардан бири – ейиладиган ва ичиладиган озиқлар ҳамда кийимларнинг ҳалол бўлишидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ покдир ва пок нарсаларни қабул қилади» дедилар ва узоқ сафарда бўлган, сочлари ҳурпайган ва чангга беланган ҳолида қўлларини осмонга очиб: «Ё, Рабб! Ё, Рабб!» деган, егани ҳаром, ичгани ҳаром ва кийгани ҳаром ва ҳаром билан озиқланган бир кишини тилга олдилар-да: «Бунга қандай ижобат қилинсин?!» дедилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 1015).
Яна Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дуо қилсам ижобат қилинмадим!» деб шошқалоқлик қилмас экан, бировингизнинг дуоси қабул қилинади» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 6340; Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2735);
Яна ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Дуо қилдим, қилдим! Бироқ дуоларим қабул бўлганини кўрмадим!» дейди-да, дуо қилишдан воз кечиб, дуо қилмай қўяди» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2735).
Инсонлар баъзида Аллоҳдан нотўғри нарса сўрашлари ҳам мумкин. Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ворид бўлган дуолар Ислом уммати учун дарсдир. Банда мана шу маъсур дуолар билан Роббисига мурожат қилиши дуо қилишдаги энг афзал йўлдир. Аллоҳдан нотўғри нарсани сўрашдан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ таъоло айтади: "(Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман. Энди агар мени мағфират қилиб, ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман»." (Ҳуд-47).
Эй мусулмон, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларига қулоқ сол ва тафаккур қил! Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда Аллоҳга гуноҳга қўл урмаган ва қариндошлик алоқаларини узмаган ҳолатда дуо қилса, Аллоҳ унга уч нарсадан бирини беради: ё унинг тилагини бу дунёда беради, ё дуоси охиратга (захира қилиб) сақлаб қўяди ёки ундан дуоси қадар ёмонликни қайтаради». Саҳобалар: «Ундай бўлса дуо қилишни кўпайтирамиз»- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ (нинг ажр бериши) кўпроқ»- дедилар» Имом Аҳмад ривоятлари.
📱 @HIKOYANEW