— Дада… Мен у қизни яхши кўраман… Исми… Гул… Гулнора… Шунга…
— Нима?. Вей, томинг кетганми сени?. Саҳоб ака азбаройи асабийлашганидан қўлидаги чой тўла пиёлани ирғитиб юборди, Яхшиям ойинг бувингникига кетган… Яхшиям йўқ… Бўлмаса, эшитадиганингни эшитардинг…
— Дада, нега ҳайрон бўласиз?. Мен унга уйланмоқчиман, ахир!. У жуда келишган қиз…
— Э, ўчир овозингни!. Эшик супуриб, бир умр ахлат орасида ўсган қизни нимаси келишган бўлади?. Сен ўзбошимчани деб қаёқдаги қаланғи-қасанғилардан калтаклар едим, тузукми?! Уйланар эмишлар… Бекорга қамалиб кетмасингдан… Қорангни ўчириб тур!. Мен ўзим бир амаллаб тинчитворарман…
— Йўқ, дада, мен ўшанга уйланаман… Сарвар шундай дедию, ҳаллослаганча ичкари уйга кириб кетди.
ТАШРИФ
Эшматқул ака ҳеч қачон эшик супурувчиман, ўқимаганман деб ўзини ерга урмайди. Доимо қаддини ғоз тутиб юради. Худога шукр, тўртта Алпомишдай ўғли бор. Керак бўлганда, тоғни толқон қилади улар… Бироқ… Ёлғиз қизининг пешонаси нега бунақа шўр чиқди?. Бойман деб учраган бегуноҳ қизнинг номусига тегиб қўяверсая!. Оталарнинг юрагини қон, бошини хам қилиб кетаверсая!. Йўқ… Эшматқул боққан бало бордир деб ўтирадиганлардан эмас… Нима, камбағал ердан чиқибдими?.
— Қўшмат, ҳов Қўшмат!. Эшматқул ака нариги хонани қаттиқ-қаттиқ тақиллатиб, тўнғич ўғлини чақирди.
— Ҳа, дада, нима гап яна?.
— Бор, укаларингни топ, анави ҳезалакникига борамиз… Гулнорниям ишхонасидан ола кетамиз.
— Дада, кечагина бориб келдикку!. Нима фойда?. Барибир, қочиб кетади у бола… Ундан кўра, тезроқ мелисага бериш керак, вақт ўтиб кетяпти, ахир!.
— Э, гапни кўпайтирмай тезроқ қимирласангчи!. Олдин ўзим бир боплаб савалашим бор у қизиғарни… Афсуски, Саҳоб ака анойилардан эмас. Аллақачон ўзини, ҳовлисини эҳтиёт қилиш чорасини кўриб қўйган, дарвозахонанинг икки четида икки нафар барзанги йигит тош қотиб турар, уларнинг ҳар бири Қўшматга ўхшаганларга тўртта келарди валлоҳи аълам. Гулнорни етаклаб тўрт ўғил қуршовида дарвозага яқинлашиб келган Эшматқул ака кутилмаган манзарадан ҳайрон бўлди. Итга ўхшаб турса-тургандирда! деб ўйлаганча эндигина ичкарига кирмоқчи бўлган ҳам эдики, қўриқчи йигитлардан бири йўлига кўндаланг турди.
— Эй-й, қаёққа?. Бу ерга кириш мумкин эмас… Йигитнинг совуқ муомаласидан Эшматқул ака тутоқиб кетди.
— Вей, сен кимсан?. Қўриқчимисан?. Нима, хўжайининг шунчалик аёлсифатми?. Бор, Гулнорни отаси кепти де!. Шундаям чиқмаса, онасини Учқўрғондан кўрсатаман!. Йигитлардан бири ичкарига кириб, бир неча дақиқада қайтиб чиқди.
— Фақат сиз ва қизингиз киради, деди у буйруқ оҳангида тўнғиллаб, — Анавилар кетавериши мумкин…
— Йўқ… Сенлар шу ерда турчи!. Бир гап бўлса, манавиларгаям қараб ўтирмай, ўзингни ҳовлига ур!. Эшматқул ака яна бир маротаба қўриқчи йигитларга ёвқараш қилиб олди-да, қизини ёнига олиб остона ҳатлади.
ШАЙТОН ВАСВАСАСИ.
Саҳоб ака бўлганича бўлди. Бу Эшматқул деганлари қайсардан-қайсар экан. На қуда бўлишга кўнади, на пул олади. Саҳоб акага қолса, бу супурувчини ҳожатхонадаги чўлтоқ супургига ҳам олмасдику-я, ўғли қурғур қамалиб кетадида!.
— Э, битта ювиндихўр қизинг боракан, кўча томонга қараб тўнғиллаб қўйди у, Бузилса-бузилибдида энди!. Менга келин бўлса, дўппингни осмонга отмайсанми, қуруқ?!. Саҳоб ака нима қилишни билмай, уяли телефонини қўлига олдию, ўғлининг рақамини терди.
— Сарвар, сенмисан? ҳовлиқиб сўради у трубкадан таниш овоз эшитилгач, Тинчмисан, ишқилиб?. Менга қара, тез кел!. Йўқ… Келиб кетишди… Маслаҳатли гап бор…
Сарвар ҳаш-паш дегунча етиб келди. У бўйнигача қора терга ботган, кўз қарашларидан хурсандлигини ҳам, хафалигини ҳам билиб бўлмасди.
— Бу қуруқлар яхши гапга кўнмаяпти-ку, ўғлим, оғир хўрсинди Саҳоб ака, Нима қилсак экана?. Сарвар индамай ерга боқди.
— Ўзинг аҳмоқсан… ўғлига олайиб тикилганча давом этди Саҳоб ака, — Қиз кўргинг келган экан… Қатортолгами, ё бошқа жойга бориб қўя қолсанг ўлиб қолармидинг?.
— Яхши кўраман, дедим-ку, ахир!. ғудранди Сарвар мушти билан уй деворига асабий уриб. Шунча гапирганимминан тушунмас экансиз-да, барибир!.