“Айний замондошлари хотирасида” деган китоб бундан роппа-роса 47 йил олдин, яъни 1978 йилда чоп этилган. Биласиз, ундан кейинги ўтган даврда кўп нарса ўзгарди. Сиёсат бутунлай бошқа ўзанга тушди, мафкуралар, ғоялар янгиланиб, юзлаб сўзлар эскириб, истеъмолдан чиқиб кетди, уларнинг ўрни бошқа, мутлақо янги сўзлар билан тўлдирилди. Шундай бўлгандан кейин, бу китобнинг ярайдиган, ўқишга арзийдиган жой қолмагандир, деб ўйлашингиз табиий.
Аммо ҳақиқий санъатни йиллар эскиртиролмас, замонлар, давронлар, шоҳ-у султонлар соф адабиётга ҳеч қандай таъсир кўрсатолмас экан! Акалар, опалар, мен “Айний замондошлари хотирасида” китобида мана шундай жавоҳир саҳифаларини кўрганман.
Китобда Файзулла Хўжаев, Комил Яшин, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Иброҳим Мўминов, Мирзо Турсунзода, Чингиз Айтматов каби буюк адиблар, ўз даврининг энг улуғ, энг таниқли олимларининг узун-қисқа хотиралари ўрин олган. Ўша давр учун ниҳоятда қимматли бўлган фикр-мулоҳазалар билдирилган. Аммо бугунги кун нигоҳи билан қаралса, ҳаммаси эскирган, қизиқарли жойи йўқ.
Бироқ мана шу эскирган китобни макулатурага улоқтиришдан сақлаб қоладиган, яна юз йиллар ўтса ҳам эъзозлашга ундайдиган бир хотира борки, бу – давримизнинг улуғ адибларидан бири Неъмат Аминовга тегишли.
Ҳозир ҳисоблаб кўрдим, китоб нашр этилган пайтда Неъмат Аминов 41 ёшда бўлган. Демак, агар тақаб ёзган тақдирда ҳам “Устод табассуми” туркумидаги ушбу бебаҳо хотиралар ёзилган пайтда Аминов бобо мендан тахминан ўн ёшлар кичик бўлган. Ҳақиқий истеъдод дегани шудир-да.
Келинг, сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун Неъмат Аминовнинг ушбу хотираларидан бир-иккита мисол келтирамиз:
– Устод, катта ёзувчисиз, академиксиз, битта яхши стол, кресло олиб, шунда ёзсангиз бўлмайдими? Иш ҳам унумли бўлади. Ахир, бу сандал жуда ноқулай...
Устод оппоқ, қуюқ соқол-мўйловлари орасидан ширин жилмайди, кўзлари бир оз сузилгандек бўлди.
– И... Муллажон, қизиқсиз-ку, – деди енгил бош чайқаб, – биз 40 ёшда ижодни бошлаб, худди ана шу сандал, анови хонтахтада ўтириб, “Ишкамба”ни ёздик, “Қуллар”у “Дохунда”ни ёздик, “Одина”ю “Эсдаликлар”ни ёздик. Сиз столу креслода ўтириб, айтингчи, ҳозиргача нима ёздингиз, Муллажон? Ишингизнинг унумидан гапирингчи...
Бу хотирага “Сандал” деб сарлавҳа қўйилган. Мен атайлаб, ундан жуда қисқа парча келтирдим. Тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун ўзингиз ўқинг. Мазасини шунда ҳис қиласиз. Зукко ўқувчи ундан кўп нарса олиши мумкин, тил услуб, ёндашув, юмор ва ҳоказо... Энг муҳими, Неъмат Аминов бу хотирани ёзган пайтларда кўплаб миллий қадриятлар, анъана-ю урф-одатларга қарши беаёв кураш кетаётган, уларга “эскилик сарқити” деган тамға урилиб, четга сурилаётган сиёсат ҳукмрон эди. Неъмат бобо шундай бир вазиятда сандалнинг аҳамиятини усталик билан, киши билмас ҳолатда, секинга кўрсатиб қўйган.
Ёки шу хотиранинг давомида “Ғалла”, деб сарлавҳа қўйилган яна бир кичкина эсдалик ҳам ўрин олган-ки, у ҳам жуда қизиқарли. Айтиб қўйсак қизиғи қолмайди, ўзингиз ўқинг.
Хуллас, соф адабиёт, ҳақиқий истеъдод мевасини йиллар шамоли тўзғита олмайди. Аксинча, вақт ўтгани сари қадр-қиммати ортиб бораверади.
“Айний замондошлари хотирасида” китобидаги жавоҳир саҳифа, деганим шу эди.
Китоб интернетда бор. Топиш қийин эмас.
Холиёр Абдиев,
Чирчиқ-Тошкент
07.02.2025