“ХХI аср Монте-Кристоси”. Қамоқда ҳуқуқ илмини ўрганиб, уни қаматганларни жазога торттирган адвокат Исаак Райт
АҚШлик Исаак Райт исмли адвокатни “ХХI асрнинг граф Монте-Кристоси” дейишади. Бунинг ўз тарихи бор.
Райт 1989 йилда (ўшанда 27 ёш эди) кокаин сотиб олаётганида қўлга тушиб, қамалади. Харидор ва истеъмолчи эканига қарамай, округ прокурори Николас Биссел жиноят ишини “шишириб”, Райтни нақ наркокартель раҳбарига чиқаради. Натижада суд 1991 йилда уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади.
Райт қамоқда бутун вақтини жиноят қонунчилиги ва суд прецедентларини ўрганишга сарфлайди. Ўз жиноят ишини миридан-сиригача таҳлил қилиб, прокурор шуҳратпарастлигининг қурбони бўлганини тушунади ва ноҳақ ҳукмни ўзгартириш учун курашга киришади.
Маҳкум апелляция бериб, жиноят иши қайта кўрилишига эришади. Судда Райт ўзининг ҳимоячиси сифатида собиқ полиция детективи Жеймс Дуганни сўроққа тутади: у тинтув ордерсиз ўтказилганини, Райтнинг машинасига эшитиш мосламаси рухсатсиз ўрнатилганини тан олади. Шунингдек, прокурор Биссел кўп гувоҳларни сотиб олганини айтиб беради.
Дуганнинг кўрсатувидан сўнг прокурор Бисселга нисбатан суриштирув бошланади, уни мансабидан олиб, суд бошлангунича уй қамоғи тайинлашади. Аммо иш судгача бормайди: Биссел уй қамоғидан қочиб, меҳмонхонада ўзини отиб ўлади.
Райт устидан ҳукм чиқарган судья Майкл Имбриани ҳам қамалиб кетади. Фақатгина детектив Жеймс Дуган “тергов билан ҳамкорлик қилгани учун” жазодан озод бўлади.
Хуллас, Райт 7 йил ўтириб, 1996 йил декабрда 250 минг доллар гаров эвазига озодликка чиқади. Унинг ғаройиб тақдири катта шов-шув бўлиб, Райт жуда машҳур кишига айланганди. Гаров пулини ҳам адвокатлар, фаол жамоатчилар йиғиб беришади.
Қамалишига қадар мусиқа продюсери ва тадбиркор бўлган Райт энди қайси касбда ишлашини аниқ белгилаб олганди. 2007 йилда у Майами университетининг юридик факультетини тамомлайди, яна бир неча йилдан сўнг адвокатликка лицензия олади.
У ҳозирда Нью-Йоркдаги “Hunt, Hamlin & Ridley” фирмасида ишламоқда, асосан коррупционер раҳбарлардан жабр кўрган ва ноҳақ қамалганларга ёрдам бериш билан шуғулланади.
Исаак Райтнинг саргузаштлари асосида “For Life” номли сериал суратга олинган. Фильм русчага “За жизнь” номи билан таржима қилинган, интернетда бор.