Бугун 1 апрель – Халқаро кулгу ва ҳазил куни. Барча мухлисларга яхши кайфият кун бўйи ҳамроҳ бўлсин!
ХАНДАДРОМ 😂😂😂😂😂
Россиянинг бир қишлоғига тоғдан сел келиб, барча уйларни сув босибди. Одамлар қўлга илинган юкларини олиб, қоча бошлашибди. Фақат черков руҳонийси хотиржам экан. Сув кўпайиб, черковни босибди, роҳиб томга чиқибди. Бир пайт қайиқда икки киши сузиб келибди:
-Отахон, қайиққа чиқинг, ҳадемай чўкиб кетасиз.
-Мен етмиш йилдан бери худога ибодат қиламан, мени ўзи қутқаради!- дебди роҳиб.
Қайиқ сузиб кетибди. Сув кўтарила бошлабди, роҳиб черковнинг қўнғироқхонасига чиқибди. Бир пайт катер(моторли қайиқ)да икки киши келибди:
-Отахон, қайиққа чиқинг, чўкиб кетасизку!
-Бораверинглар, мени эгамнинг ўзи қутқаради!
Катер сузиб кетибди. Сув кўтарила бошлабди, роҳиб черков гумбазининг тепасидаги хочга тирмашиб чиқибди. Шу пайт бир вертолёт келибди:
-Отахон, келинг, олиб кетамиз!
Роҳиб яна ўша жавобни берибди, вертолёт учиб кетибди. Сув кўтарилиб, роҳиб чўкиб кетибди. Нариги дунёга борса, иккита фаришта гаплашиб турган экан. Роҳиб қовоғини солиб, бошидан ўтганларни айтиб берибди.
-Менга қара, эй бадбахт, ношукур банда! –дебди бир фаришта, -Яратган сенга бир қайиқ, бир катер ва бир вертолёт юборди, сен эса ўтиравердинг. Нима, унинг Ўзи тушсинми сени қутқаришга?!
* * *
ХХ-асрнинг 70-йилларида СССР ҳукумати алкоголли ичимликлар нархини ошириш ҳақида қарор чиқарибди. Сўнг давлат раҳбарлари журналистларга топшириқ беришибди:
-Халқдан сўраб кўринглар-чи, бу қарор уларнинг ҳаёт тарзига қандай таъсир ўтказди?
Журналистлар дастлаб Москва ишчилари ва вилоятда яшовчи деҳқонлардан сўрашибди.
-Бизга унчалик таъсир қилгани йўқ, -дебди бир мужик, -биз олдин ҳам самогон (қўлбола ароқ) ичардик, ҳозир ҳам ўшани ичяпмиз.
Сўнг зиёлилардан сўрашибди.
-Бизгаям унчалик билдиргани йўқ, -дебди бир рассом, -олдин коньяк ичардик, ҳозир ароқ ичяпмиз. Чидаса бўлади.
Охирида элита (хослар, раҳбарлар)дан сўрашибди.
-Бизга умуман таъсири йўқ бу қарорнинг, -дебди бир раҳбар, -чунки, биз олдин ҳам текин ичардик, ҳозир ҳам текин ичяпмиз. 😂😂😂😂😂
Абдунаби Ҳамро