📝Қўқон шамоли.
Қўқон шамоли қишда қутириб кетади. Томларда, дарахтларда, симёғочларда увиллайди, ўкиради, чийиллайди. Дарахтларни эгади, букади, «қарс-қарс» синдиради. Электр симларини узади, ўт чиқаради. Ҳаммаёққа даҳшат солади. Шивалаб ёғаётган қорни ўз майлига қўймай тўзғитади, олис-олисларга учириб бориб пастқамликларга, зовурларга, бурчак-бурчакларга тиқиб ташлайди…
Аёзли кун ўтади, тиғли тун ўтади, бироқ бу бешафқат шамолнинг адоғи кўринмайди.
Ўшанда ҳам қаҳратон қиш, қорли бўрон эди. Латифжоннинг онаси Жаннат хола бир ҳафтадан бери ана кетди-мана кетди бўлиб ётарди. Латифжон умрида биринчи марта ишга бормади. Сурункасига уч кун бормади. Синглиси Шарифа, хотини Зулайҳо билан бирга онасининг қошида бўлди. Колхоз ҳаётига доир баъзи зарур ишларни телефон ва ҳол сўраб келувчилар орқали битириб турди.
Жаннат хола кечга яқин тилдан қолди. Ўзининг пастак томли суюкли ҳужрасида сандалнинг тўр томонида қизил кўрпа орасида шипга қараб жим ётибди. Териси суягига бориб ёпишган, чакка суяклари бўртиб чиққан. Буришган юзлари, ориқ, кичкина қўллари қонсиз, оппоқ. Чўкиб кетган нурсиз кўзлари болаларига тикилади. Чексиз меҳр билан, тенги йўқ бир қизғаниш ҳисси билан тикилади. Гўё Парвардигор булардан холани эмас, холадан буларни тортиб олаётгандай…
Жаннат хола эрталаб туппа-тузук эди. Дастлаб чорак пиёла сут ичди. Холанинг жондан азиз саккизта китоби бор эди. Варақлари сарғайиб, жилдлари қайта-қайта таъмир қилинган китоблар. Ҳаммасини бир-бир ўпиб, пешонасига босди. Сўнгра Шарифа унинг буйруғи билан китобларни оқ, одми рўмолга тугди. Латифжон шоти келтирди. Тугунни шифтга — кампирнинг қоқ пешонасига осишди.
— Раҳмат, болаларим, раҳмат, — деди хола. — Умрларинг узоқ бўлсин. Кейин хола Бедилнинг бир байтини едцан ўқиди. Навоийнинг «абадул-абад» эканлиги ҳақида гапирди. Сўнг зукко афанди ва нодон подшо ҳақида латифа айтиб, ҳаммани кулдирди. Магнитофондан Муножот Йўлчиеванинг лентасини қўйдириб эшитди. Муножотни суйди, алқади. Тушга яқин тарвуз сўради.
— Аттанг, тугаган эди-ю, — деди Шарифа кўрқа-писа.
— Топамиз, топамиз, бувижон, — хитоб қилди Зулайҳо ва эрига қаради.
— Ҳа, тугаган экан, нега олдинроқ айтмайсизлар шуни, — жеркиди Латифжон ва ташқарига отилди. — Ҳозир…
— Қўяқол, болам, — зорланди бемор. — Шу заҳар аёзда…
Латифжон йўқ бўлиб кетди ва бир ярим соатларда иккита кўм-кўк тарвуз қўлтиқлаб кирди.
— Мана, бувижон, — деди ва этигининг қўнжидан пичоқ олиб, тарвузлардан бирини шартта иккига бўлди. Қондай қизил гўштини палахса-палахса қилиб ташлади. Кейин майин жилмайди. — Қумга кўмишган экан, азаматлар, ёздагидай турибди.
Зулайҳо тарвуз этидан майдалаб, кампирнинг тишсиз оғзига солиб турди.
— Энди бас, — деди хола бир оздан сўнг. — Баракалла, болаларим. Қолганини ўзларинг енглар, нариги уйга опкириб, болаларинг билан енглар.
Аёллар, «Раҳмат», «Раҳмат, сизнинг еганингиз — бизнинг еганимиз», деб тек ўтиришаверди. Бунга кампирнинг жаҳли чиққан бўлди.
— Гапим ўтмайдиган бўлиб қолибди-да, — деди.
Аёллар, «Кечирасиз, бувижон», дея ўринларидан турдилар ва бир палладан тарвузни кўтариб, хонадан чиқдилар. Латифжон эшикни зич ёпди-да, онасининг ёнига келиб ўтирди. «Амрингизга мунтазирман», дегандай унинг оғзига тикилди.
— Фурсат борида гапириб олай, болам, — деди хола узоқ ўйланиб ётгандан кейин.
— Э, унақа деманг, — чўчиб тушди Латифжон. — Соғайиб отдай бўлиб кетасиз. Ҳали сизни Кавказга олиб бораман деб юрибману.
Бу тасалли Жаннат холага ёқмади.
— Билиб туриб ёлғон гапирмагин-да унақа, — деди. — Ёлғончилик ёмон нарса. Кампир тез-тез киприк қоқиб, жим қолди. Сўнг:
— Ёшимни яшадим, ошимни ошадим, — деди заиф бир товушда. — Мана етмиш еттига кирдим. Отанг ҳаёт бўлганда икки кам саксонга борарди. Уруш еди раҳматликнинг бошини.
— Худди шундай, бувижон, — паст товушда хитоб қилди ўғли. Хола пича дам олгач:
— «Эл-юртни яшнатаман деган одам, аввало, ўзи яшнайди», деган экан бир донишманд, — деди. — Мана, сен ҳам яшнаб, яшнатиб юрибсан. Бундан кейин ҳам яшнагин, илойим.