“VERUM LAW FIRM” адвокатлик фирмаси адвокатлари томонидан ҳимояси остидаги Турсунов Алишер Ахматович (Мубашшир Аҳмад)га нисбатан қўзғатилган жиноят ишига оид баёнотидан сўнг ИИВ матбуот котибининг баёноти жамоатчиликнинг диққатини ўзига тортди ва бу ҳақдаги ахборотлар ҳамда расмий муносабатлар ижтимоий платформада фаол муҳокама қилинди. Бу ҳолат жамоатчиликнинг мамлакатимизда юз бераётган ҳуқуқий жараёнларга бефарқ эмаслигини кўрсатади.
ИИВ матбуот котибининг баёнотида айтилишича, А.Турсунов билан боғлиқ маълумотларни расмийлаштиришда "техник хато" содир бўлган. Унинг сўзларига кўра, қидирув эълон қилинган Жиноят кодексининг тегишли моддаси тўғри ёритилмаган. Бу эса, ўз навбатида, жамоатчиликда турли шубҳа ва гумонларнинг илгари сурилишига сабаб бўлмоқда.
Адвокатлик фирмаси ихтиёрида мавжуд бўлган расмий ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаро А.Турсуновга нисбатан қидирув ҳужжатлари марказлашган ҳисобга қўйиш жараёнида бу масалага масъул бўлган ходимлар томонидан хатоликка йўл қўйилиб, ЖКнинг моддаси нотўғри акс эттирилган ва натижада ИИВ матбуот котиби томонидан шу маълумотларга мувофиқ баёнот билдирилишига олиб келган. Бу эса, ўз навбатида, дастлаб ахборот каналларида нотўғри маълумот жойлаштирилишига ҳақиқатдан ҳам “техник хатолик” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Айнан шу хатоликни тўғрилаш мақсадида ҳам адвокатлик фирмаси томонидан ўз вақтида тегишли баёнот билдирилди.
ИИВ томонидан хатоликни ўз вақтида тан олиниши ва тезкорлик билан тўғри муносабат билдирилиши эса ижобий ҳодиса бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиққан ҳолда, фуқароларимиздан ушбу масала бўйича фикр-мулоҳаза билдиришда ҳиссиётларга берилмай ва барвақт хулоса чиқармай, расмий манба ва маълумотларга ҳамда ҳуқуқий асосга таянишларини тавсия этамиз.
⚖️ “Verum law firm" адвокатлик фирмаси — сизнинг ҳуқуқларингиз ҳимоячиси!
@verumlf_uz