Хўжанд шаҳрида уч давлат раҳбарларининг учрашуви муҳим воқеълик бўлди.
Марказий Осиё халқлари дини, эътиқоди ва тили жиҳатдан бир-бирига энг яқин ҳисобланадики, бошқа минтақаларда бундай ўхшашлик йўқ. Баъзи вақтларда, ўзбек, қозоқ, қирғиз... бир бўлиб қолса, бир-биридан кескин фарқ йўқлигини ҳис қиласиз.
Аслида ҳам шундай.
Йилларки, давлатлар қолиб, кўнгиллар орасига чегаралар чизилди. Лекин оддий халқ барибир бир-бирини - қон-қардошини топиб, муомала қилиб яшайверди.
Бир неча йиллар Хитойда ишладим. Ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз дарров бирлашиб олардик. Ўртада бегоналик, дилхиралик бўлмасди.
Тожикистонлик тожик ҳамкасбим бор эди, Содиқжон деган. Уйғурлар билан яхши муомала қилишимизни кўриб айтарди: "Бахтиёр ака, барибир тожиклар уйғурларга қараганда ўзбекларга яқинроқ!" "Шубҳа йўқ, Содиқжон!" дердим. Қарангки, тожик дўстимиз бизни рашк қилардида! Тожик йигит-қизлар кўп эди, ўртамизда ҳеч бир бегонасирашни сезмаганмиз.
Ёки, Хитойлик қозоқ бовурлар йиғин қилишса бизни ҳам чақиришарди, бошқалар қолиб биздан фикр оларди.
Қирғизистон ёш-ёш йигитлар келишганди магистратурада ўқишга. Жуда иноқ эдик. Бир куни қарасам, бир қирғиз йигит кичик ўғлимни велосипедга ўтқизиб олиб ўзи югуриб юрибди учириб.
Покистонлик, ҳиндистонликлар ҳайрон қоларди, шунақа яқинмисизлар, деб. "Яқинмиз!" дердим.
Хуллас, бирлашиш фурсати келганини ҳамма тушуниб турибди. Бўлинганни бўри, айрилганни айиқ ейдиган даврлар аллақачон келганини ҳам билиб турибмиз. Шундай экан, бирлашишимиз, уюшишимиз шарт! Қолганини эса вақт кўрсатади.