МЕҲРУ МУҲАББАТ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ – НОДИРА БЕГИМ (МОҲЛАР ОЙИМ) БУ
(1792–1842)
Моҳлар Ойим – Нодира 1792 йилда Андижон шаҳрида туғилган. У истеъдодли, маърифатпарвар шоира бўлиш билан бирга, давлат арбоби ҳам бўлган. Комила ва Макнуна тахаллуслари билан ҳам шеърлар ёзган. Отаси Андижон ҳокими Раҳмонқулбий юқори насаб ҳисобланган минг қавмидан бўлиб, Фарғона ҳукмдори Олимхоннинг тоғасидир.
Нодира бир ғазалида саййидлар – улуғлар хонадонидан эканини айтиб, барча улуғ аждодларига Аллоҳнинг раҳматини тилайди:
Сиёдат хонадони – Шоҳ Бобур насли покимен,
Худоё, раҳмат айла барча аждоди ъизомимни.
Амир Олимхон укаси Амир Умархонга Марғилон ҳокимлигини беради ва уни 1807 йилда Нодирага уйлантиради.
Нодира шу хонадонда шеяърият билан машғул бўлади, шоира Увайсий билан танишади, уни муаллима сифатида саройга таклиф этади.
Нодиранинг эри Амир Умархон ҳам Амирий тахаллусида кўркам ижод қилган.
Амир Умархон вафотидан кейин уларнинг ўғли Муҳаммад Алихон (Маъдалихон) 14 ёшида (баъзи манбаъларда 17 ёшида – тақрибан 1803-06–1842 йиллар) тахтга ўтириб, Қўқон хони бўлади.
Лекин давлатни, асосан, Нодира Бегимнинг ўзи идора қилди. Унинг ҳукмронлиги даврида хонлик ҳудудини кенгайтиришга уринилган. Вайрона мулкларни адолат билан обод этиш малика Нодиранинг улуғ ғояларидан бўлган:
Мен ҳам ҳиммат ила эл хотирин шод этай,
Мулк вайронларин адл ила обод этай.
Нодиранинг замондоши Қози Абдунаби Хотифнинг ўз достонида ёзишича, Нодира Бегим “гулистондек Чаҳорчаман боғига бориб, Фарғона, Тошкент, Хўжанд, Андижон ва бошқа шаҳарлардан фозиллар, олимлар, ҳаттотлар, наққошларни ўз хизматига чақиртириб келган”.
Нодира Бегим мадрасалар бунёд этган маликалардан саналади. У бозор ва расталар, масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар қурдирган. Гўристони Калондаги Мадрасаи Чалпак, Тақагарлик растасидаги Моҳларойим мадрасасини бино эттирган.
Нодиранинг умри охири фожеали бўлди...
Бухоро – Қўқон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашуви ва тез-тез такрорланиб турадиган ҳарбий тўқнашувлар шунга олиб келдики, Муҳаммад Алихон 1841 йилнинг ноябрида тахтни укаси Султон Маҳмудга топширади.
Шунга қарамай, 1842 йилнинг апрелида Бухоро амири Насруллоҳхон Қўқонни забт этди ва гарчи ўзи ислом шариати ҳукмларига қатъий амал қилган шахс бўлса-да, Муҳаммад Алихонни, унинг укаси Султон Маҳмудхонни ва онаси Нодира бегимни қатл эттиради.
Нодира Бегимдек диёнатли, маърифатпарвар ва олима аёлни ўлдириши амир Насруллоҳхоннинг мудҳиш хатоси эди. Бу жиноятнинг жавоби осон бўлмаса керак.
* * *
Нодира Бегим фақр ва қаноат мақомида ижод қилган бўлса-да, меҳру муҳаббат султони эканни баён этиб, Фарғонанинг фарзоналари – оқил, фозил ва донишмандлари унинг маънавий давлатидан баҳраманд эканини изҳор этади:
Комила, меҳру муҳаббат мулкининг султониман,
Давлатимдин баҳравар Фарғонадур фарзоналар...
Нодира шеърларида мажозий муҳаббат, яъни ўз жуфти ҳалоли Амир Умархонга бўлган ошкора муҳаббат изҳорларини ҳам учратамиз. Лекин шоиранинг ошиқ ва ориф қалби Ҳақ таолодан ўзгага ошно бўлишни истамайди:
Икки оламда умидим Сендин эрмиш, Комила,
Қилмағил, ё Рабб, Ўзунгдин ўзгаларга ошно!..
Шўро давридан бузуқ мафкура натижасида Нодира Бегимнинг қабри Амир Умархоннинг ёнидан бошқа жойга – қабристон чеккасига қўчирилган.
(давоми бор)
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•