Судья бўлиш учун адвокатура соҳасида камида 5 йил ишлаш талабини имкон қадар тезроқ қонунчиликка киритиш керак.
Ҳимоямиз остидаги, Янги йилдан 4-5 кун аввал бизнинг назаримизда биринчи инстанция суди томонидан ЖКнинг 168-моддаси билан ноҳақ айбланиб, озодликдан маҳрум этилган шахснинг онаси билан кунора телефон орқали гаплашиб турибмиз. Тўғриси, кекса ёшли, бунинг устига хаста бўлган бу онахонга нима дейишни ҳам билмай турибмиз.
Шу ўринда муҳтарам судьяларимизга яна юзланамиз. Сиз Янги йилни оилангиз даврасида, тўкин дастурхон устида, шоду-хуррам ҳолда нишонладингиз. Лекин, сизлар ноҳақ ҳукм қилган инсонлар тергов ҳибсҳонасида сақланмоқда. Уларнинг ота-онасини, яқинларини кўнглига эса ҳурсандчилик сиққани йўқ. Буни ҳис қилиш учун эса вазиятга ўша айбсиз инсонларнинг ота-онаси, яқинлари кўзи билан қараб кўриш керак.
Яқинда бир ҳамкасбимиз судьялик лавозимига адвокат бўлиб камида 5 йил ишлаганларни тайинлаш кераклиги таклиф берган эди. Бўлиб ўтган ҳодисалардан, ноҳақ ҳукмлардан келиб чиқиб, бу таклифни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Чунки, судья, прокурор ва терговчининг кўзига ҳар доим ариза қилган жабрдийда, устидан шикоят тушган одам айбдор кўринаверади.
Улар ўзлари айбдор деб ҳисоблаётган инсонларни эшитиб ҳам ўтиришмайди. Буни эшитиш, тушуниш, ҳис қилиш учун ҳеч йўқ адвокатура соҳасида 5 йил ишлаш керак бўлади. Буни суд-тергов соҳасини яхши тушунган, шу соҳада анча йиллар меҳнат қилган инсон сифатида гапиряпман. Чунки, куч ишлатар тузилмаларда хизмат қилган одам тизим адолатли, тўғри ишлаяпти, тўғри жазолаяпман деб ўйлайди. Афсуски, ундай эмас.
Бу таклиф кун келиб амалга ошишига, судья бўлиш учун 5 йил адвокатлик иш стажига эга бўлиш талаб қилинишига доир қонун қабул қилинишига ишонамиз. Ундан олдин эса суд тизими тубдан ислоҳ қилиниши, судлар амалда мустақил бўлиши зарур. Зеро, суд инсонларнинг энг охирги умиди ва ишончидир!
@Advokat_Esonaliev