Хитойнинг Ўзбекистондаги таъсири ҳақида материал тайёрлаган журналистларга қарши босимлар бўлаётгани айтилмоқда
Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, DemokratUz сайт журналистларига қарши турли босимлар бошланган. Бунга сабаб нашр томонидан чоп этилган Ўзбекистонда Хитойнинг таъсири ошаётганига оид мақола бўлиши мумкин.
“Instagram ижтимоий тармоғида DemokratUz нашри муҳаррири Фазлиддин Меҳмонов таҳририят фаолиятига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг босими ҳамда шахсий автомобилидаги тинтув ҳақида ёзди. Унга кўра, нашрда Тошкентда Хитой ёзувларининг кўпаяётганига оид мақола чоп қилинган ва миллиондан ортиқ фойдаланувчилар томонидан кузатилган. Сўнг таҳририят журналисти Нилуфар Ҳамроеванинг мақоласи олиб ташланиб, унинг ўзи ишдан бўшатилиши талаб қилинган. Меҳмоновга нисбатан эски схемалар билан бугун ҳатто жиноят иши ҳам очилибди”, деб ёзади Ташанов.
Сайт раҳбари ўз видеомурожаатида айтишича, у автомобили билан ўчиқ ҳолатда, автотураргоҳда турган пайтида ички ишларнинг икки нафар ходими ёнига келади ва мошинасида ноқонуний тинтув ўтказади. Меҳмоновнинг қўшимча қилишича, бундан бир неча кун аввал хитойликлар таъсири ҳақида видеомақола чиқарган таҳририят журналисти Нилуфар Ҳамроеванинг уйига ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари келиб, қизнинг ота-онасига тушунтириш ишларини олиб борган ва унга сайтдан бўшаши кераклиги уқтирилган. Натижада, сайт журналистни ишдан бўшатишга мажбур бўлган.
Таниқли ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов бу ҳолатга нисбатан юқори доирадаги эътиборни талаб қилади.
“Аслида, демократик мамлакатларда сиёсий плюрализм туфайли бундай жараёнда Парламент, жамоатчилик, ҳукумат ўз муносабатини изҳор этади, оммани тинчлантиради. Ақл марказлари миграцион жараённинг оқибатлари, яқин истиқболдаги ҳаётимизга таъсири ҳақида мулоҳазаларини баён этади. Бизда эса шу пайтгача Бош вазир Абдулла Ариповдан тортиб, Парламент спикери Нуриддин Исмоиловгача жамоатчилик олдида икки жумла сўз айтганини кўрмадик. Демак, булар сиёсий арбоб эмас, давлат бошқарувидаги нўноқ инструментлардир. Шу боисдан ҳам халқимизда ташқи омилларга нисбатан фобия бор, сиёсий элита исталган пайтда бизга панд беради, деган кўникма мавжуд. Жумладан, Хитой масаласида ҳам”, деб сўзини давом эттиради ҳуқуқ фаоли.
Дарҳақиқат, мадомики Хитойнинг Ўзбекистондаги таъсири ҳақида мақола чоп этган шахс турли сиёсий босимларга учраётган экан, бундай ҳолатда жамоатчилик каттароқ мансаб вакилининг тушунтириш беришига муҳтож бўлади. Нималар бўляпти ўзи? Нега биз Хитойни танқид қилганларга қарши “хитойча услубда” курашяпмиз? Мени, кўпчилик қатори, айни дамда хитойлик ишбилармонларнинг кўпайиб кетганидан кўра, уларни бармоқ билан кўрсатаётган журналистларга бўлаётган босим ҳолатлари кўпроқ ташвишлантирмоқда. Бу масалага жиддий ёндашувни кутяпмиз.
🔥@fayzboguz