География ўқитувчилари аттестация натижаларидан норози: Вазирликдан текширув сўралди
Ижтимоий тармоқларда республика бўйлаб география фани ўқитувчиларининг норозилиги акс этган мурожаатнома тарқалди.
Хабарларга кўра, 2025-йил 15-апрель куни якунланган аттестация синовларида бирор бир ўқитувчи ижобий натижа кўрсата олмаган.
Мурожаатномада тест саволларининг сифати, хусусан, мутахассислик ва педагогика фанларидан берилган саволларнинг мураккаблиги, чалкашлиги ва турлича талқин қилиниши мумкинлиги таъкидланган. Шунингдек, визуал материаллардаги техник хатоликлар, хусусан, хариталар ва диаграммаларнинг хиралиги ва аниқ эмаслиги ҳам қайд этилган.
Ўқитувчилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан аттестация тестлари сифатини қайта кўриб чиқиш, аниқ ва тушунарли саволлар асосида янги тестлар тайёрлаш, визуал материаллар сифатига эътибор бериш, тест синовларида адолат ва шаффофликни таъминлашни сўрамоқдалар. Шунингдек, улар ушбу ҳолат бўйича хизмат текширувини ўтказиш ва жавобгар ташкилот ёки мутасаддиларнинг изоҳ беришини сўрамоқдалар.
Мурожаатномада ўқитувчиларнинг мақсадлари норозилик билдириш эмас, балки таълим тизимининг адолатли, шаффоф ва сифатли бўлишига ҳисса қўшиш эканлиги таъкидланган.
Ҳозирча Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ушбу мурожаатномага расмий изоҳ бермади.
Каналга уланиш: @Kar24Uz