Банкка кирдим, туманимиз марказидаги. Навбатимни кутиб ўтирдим. Мендан олдин бир аёлга хизмат кўрсатилаётган эди. Истайсизми-йўқми, суҳбат қулоғингизга чалинади.
"Картамдаги пул йўқ бўлиб қоляпти" шикоят қилди аёл.
Хизматдаги йигит компютердан текшириб, қачон ва қаерда қанчадан пул ечилгани, тўланганини тушунтириб берди, тушган авансни ҳам айтиб, "мабодо, кредит олмаганмисиз?" деб сўради.
"Олганман..."
"Пуллар шу кредитни қоплаш учун ечилган, билмагансиз" деди йигит ва шу билан суҳбат тугади. Аёл ҳам чиқиб кетди.
Навбатим келди, бордим, ўтирдим. Салом-аликдан сўнг сўрадим: "Яна бир банкка кирувдим, у ерда ҳам одамлар кредитини тўлашга навбатда турибди, қарз олганлар кўпми шунчалик?"
"Э, ака, жуда кўп! Ёмони, кўплар қайтара олмайди ҳам, тўлашга имкони йўқ."
"Қайтариш-қайтармаслигига қараб берилмайдими?"
"Йўқ! Умуман сўралмайди. Берилаверади. Одамлар қарзга ботган..."
Бошқа сўрамадим, масаламга ўтдим.
Ўша куни кечқурун синфдошларим билан ўтиришимиз бор эди. Синфдошим, кимё фанидан дарс берадиган дўстим айтиб қолди: "Қаранг, дўстим, қарз олиш осон бўп кетди, "бос! ол!.." деб реклама қилиб ётибди. Менимча, охири яхшимас..."
"Мендаям шу хаёл..." дедим.
Тасаввурим тугал бўлди. Хулоса ўзингиздан.