Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси миллий ва дунё парламентлари нуфузини оширишга хизмат қилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ялпи мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бормоқда. Мамлакатимизда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида алоҳида белгиланди. Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Айниқса, 2023 йили умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги Конституцияда парламент ваколатлари кескин оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Суд, коррупцияга қарши кураш ва рақобат органларини шакллантириш бўйича Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди. Парламентнинг Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат механизмлари янада кучайтирилди. Миллий парламентимизда хотин-қизларнинг улуши бугунги кунда 38 фоизга етди. Бундан ташқари, 2021 йилда Олий Мажлис палаталари қошида илк бор ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон парламент йўналишида глобал аҳамиятга молик бўлган қатор халқаро ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинди. Иттифоқ билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ҳар икки йилда Парламентлараро глобал ҳамкорлик форуми ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон вакиллари Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлар Ассамблеяси ва бошқа платформаларда фаол иштирок этмоқда.
Умуман, бугунги кунда вакиллик органларимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш, гендер тенгликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳам ўз зиммасига катта масъулият олган.
Президентимиз ўз нутқида глобал ва минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган низолар, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларига қарши курашиш, хотин-қизлар ҳуқуқлари, ёшларнинг парламент фаолиятида тўлақонли иштирок этиши ҳамда ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклиф-ташаббусларини билдирди. Мазкур ташаббуслар нафақат миллий парламентимиз, балки дунё парламентларининг нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади.
@a_xaitov