#Амир_Темур_таваллудига_689_йил_тўлди
Амир Темур шахсини идрок этиш–тарихни идрок этиш демакдир
Бугун юртимиз бўйлаб буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Асрлар силсиласидаги тарихимиз саҳифаларида олмосдек порлаб турган буюк тарихий сиймо бўлган Амир Темурни англаш–ўзлигимизни англаш демакдир.
Амир Темурни улуғлаш–тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.
Бу ҳақда гапирганда, Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Айнан мана шундай масалалар Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган «Темур тузуклари» асарида ҳар томонлама аниқ, ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилган, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Соҳибқирон бобомиз бизга мерос қилиб қолдирган «Тузуклар»ни ўқиганимизда қандайдир катта руҳий куч-қувват топамиз.
Ҳар бир сатри бир умр эл-юрт, салтанат ташвиши билан яшаган фидойи инсон, улкан давлат арбобининг кенг миқёсдаги ўй-фикрлари, ҳаёт ва кураш тажрибаси, мушоҳадаси, баъзан эса дардли ва изтиробли кечинмалари билан суғорилган бу асарда қандай теран маъно мужассам эканини маърифатли, зукко инсонлар яхши англайди, албатта.
Масалан, «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхширокдир», деган фикрлар бугунги кунда ҳам нақадар долзарб экани барчамизга аён.
Чилонзор тумани ҳокимлиги
Матбуот хизмати