2025 йил — "Буюк хотира йили"
Мусибатга сабр қилсак, унинг ўрнига бошқа яхши нарса келади...
Улуғ зотлардан ҳазрати Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Урва ибн Зубайрнинг оёқларига қорасон касали тушди. Қорасон юқорига қараб кўтарила бошлади. Ўша вақтнинг кўзга кўринган табиблари келиб, Урва ибн Зубайрни кўриб, «Оёқни кесмаса бўлмайди, сондан кесиш керак. Шундагина қорасон ажратиб олинади, тананинг қолган қисми соғ қолади», дейишди. Шунда Урва ибн Зубайр раҳматуллоҳи алайҳ: «Майли, кесинглар», деган эдилар, «Кесишдан олдин банж берамиз», дейишди. Урва ибн Зубайр: «Йўқ, банж ҳаром нарса, одамни ҳушидан кетказадиган нарса, мен буни қабул қилмайман», дедилар. Табиб: «Бусиз иложи йўқ, оёғингизни сонидан кесамиз», деди. Шунда Урва ибн Зубайр: «Ўзим сизларга ёрдам бераман. Сизлар асбоб-ускуналарингизни тўғрилаб, тайёр туринглар. Мен туриб, таҳорат қиламан, намоз бошлайман. Намозда бир мақомга етганимда, баданим титрай бошлайди. Шунда бемалол оёғимни кеса бошлайсизлар», дедилар. Урва ибн Зубайр таҳорат қилиб, намозни бошладилар. Намозда бир мақомга етиб, баданларини титроқ босганида табиблар ўша пайтнинг услубидаги табиблик пичоқлари билан оёқларини сонидан кесишди. Кесиб бўлиб, қонини тўхтатиш учун ёғ қиздириб, кесилган жойга босишди. Шунда Урва ибн Зубайр ҳушларидан кетдилар. Унгача ҳеч нарсани билмасдан, намозни ўқийвердилар. Эртасига кўзларини очиб, ўзларига келганларида ўн етти ёшли ўғилларини от тепиб, вафот этганининг хабари келди. Одамлар Мадина ва унинг атрофларидан оқиб кела бошлашди. Урва ибн Зубайр улуғ зот эдилар. Ҳар ким келиб, ўзининг таъзиясини айтди. Кимлардир «Сизнинг ўрнингизда мен бўлсам бўлмасмиди», деганга ўхшаш таъзияларни айтди.
Бир одам келиб, «Битта аъзойингни олиб, қолганини соғ қўйганига шукр қил. Битта болангни олиб, қолганини қолдирганига шукр қил», деди. Шунда Урва ибн Зубайр: «Аллоҳга қасамки, менга бу мусибатда сендан кўра яхшироқ таъзия айтган одам бўлмади», дедилар.
Ҳақиқатда, ўйлаб қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло бизга бир мусибат етказади. Лекин сабр қилсак, мана шу мусибат ҳам бизга ажру савобга айланади ва биз учраган мусибатнинг ўрнига бошқа яхши нарса келади. Биз динимизнинг ушбу таълимотларини ўрганиб, уларга амал қилиб борсак, иншааллоҳ, бу дунёлигимизга ҳам, охиратимизга ҳам манфаатли ишларни қилган бўламиз.
✍️Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
падари бузрукворлари Муҳаммад Юсуф ҳожидаданинг жанозаларида қилган хутбалари
"Омина" журналининг 7-сонидан олинди.
@Muslimaatuz