Хафа бўлганингизда болага гапирмай қўйиш тўғрими?
Фарзандингиз сизни ранжитганида унга гапирмай қўйиш – жуда кўп ота-оналар танлайдиган ёндашув. Бу табиий ҳол: бола хато қилди, ота-она хафа бўлди ва бу ранжишини жимлик орқали билдирмоқчи бўлади. Аммо тарбиявий нуқтаи назардан бу ёндашув қанчалик тўғри?
Аввало, жимлик – бу болага нисбатан ҳиссий жазо. Катталарнинг бундай жавоби боланинг ички дунёсида қўрқув, хавотир, тушунмовчилик уйғотади. Бола нимани нотўғри қилганини тушунмайди, аммо “мени энди яхши кўришмаяпти” деган хавфли хулоса чиқаради. Бу эса унинг ўзига бўлган ишончини пасайтиради, ота-онасига бўлган очиқлигини йўқотади.
Агар бола хато қилган бўлса, бу ҳақида гаплашиш керак. Терс қараб, унга “Сен билан гаплашмайман” дейиш эмас, балки сокин ва меҳрли оҳангда:
— Бу ишинг мени хафа қилди. Нега бундай қилдинг? — деб тушунишга ҳаракат қилиш керак.
Болага ҳис-туйғуларингизни тушунарли қилиб ифода этинг, аммо уни рад этманг. Бола шуни билсин: у хато қилган бўлса ҳам сиз уни ҳали ҳам яхши кўрасиз. Чунки бола учун бу яхши кўриш – хавфсизлик ва ишончнинг асоси.
Ёдингизда бўлсин: бола билан мулоқотни узиш эмас, балки мулоқот қилиш тарбиянинг энг кучли воситасидир.
#тарбия
@Giyosiddin_blog