ЎЗБЕК “ЗОЛУШКА”СИ
Салом, Туз ака. Исмим Камола. Тошкентликман. Русча ёзаман, ўзим ўзбек бўлсам ҳам, рус тилида ўқидим ва ўз фикримни рус тилида яхшироқ ифода қиламан. Так... (бу ёғи Рассом Туз таржимаси).
Мен бой оилада туғилдим. Бобом "Госснаб"да ишлаган, отам эса импорт бўйича катта бизнесмен (хат эгаси илтимосига кўра, бизнесменнинг исми айтилмайди).
Оилада кенжа фарзандман. Икки акам ҳозир Кипрда оиласи билан яшайди. Гап улар ҳақида эмас. Мен ҳақда. Сизнинг ёзганларингизни ўқиб тураман ва менинг ҳаётимдаги бир эпизодни ҳикоя қилсангиз, ярашади деб ўйладим.
Уйдагилар мени яхши ва бой оилага келин бўлишимни rosa исташади.
Тошкентдаги министр, президент администрацияси ва йирик бизнесменларнинг куёвликка номзод ўғиллари билан учрашувга чиққанман.
Улардан шунчалик кўнглим қолдики, асти қўяверинг. Сўтак, галварс ва ўз ҳаётини ўзи бошқара олмайдиган "маменькин сынок"лар суруви. Тасодифан биттаси сал ақлли бўлиши мумкин эди-ку, лекин йўқ. Ҳудди танлаб олгандек, бири-биридан баттар урод. Бир-иккитаси яширин гей эди. Фақат хўжакўрсинга уйланиб, мени бахтиқаро қилмоқчи бўлган хажиқизлар.
Хуллас, отамга айтиб бу мавзуни "ёптирдим". Онамнинг ҳам жағини отамга айттириб ўчиртирдим.
Отам бизнесининг катта бир қисмини менинг номимга ўтказган. Агар банк ҳисобидаги пули долларда миллиондан ошган одамга миллионер дейилса, мен миллионер эдим.
Бу аснода менинг бойлигимни билган альфонс йигитлар ширага қараб учган хирра пашшалардай менга талпина бошлади.
Безор бўлдим.
Отамнинг Кипрда ҳовлиси бор. Бир вақтлар бизнес манзили учун олинган ва кўпинча бўш турадиган недвижимость. Акаларим қараб туришади.
Отамдан сўраб, Кипрдаги ҳовлимизда бир муддат "мустақил" яшашга қарор қилдим.
Онам дарров бақирди: "Бунингиз жалап бўлиб кетади!" деб. Яхшиям отамнинг кичикроқ ҳандалакдай мушти бор. Онам қўрқади.
Хуллас, ўтган йили 30 январдан бошлаб ўша ерда яшай бошладим. Расмиятчилик учун University of Nicosiaда дарс тинглардим. Февраль боши бўлса ҳам, Кипр қуёшли.
Кўчада қаҳва ичиб ўтирса бўлади. Университет яқинидаги Mandarin деган кафеда латте ичиб ўтирувдим.
Бирдан қаттиқ эсган шамол финжонни ағдарди ва мен истамай, ёнимдаги столда ўтирган йигит устини вайрон қилдим.
Мен инглизчалаб:
— Кечиринг, химчисткага бериб бераман ёки пулини тўлайман, — дедим.
Сариқ соч, мовий кўз, баланд бўйли, худди Голливуд киноларидаги каби кўзга яқин йигит эди.
— Ҳеч қиси йўқ. У бизни учрашишимизни истади, — деди бармоғини осмонга қаратиб.
Исми Брюс экан. Мен уни ўзимча "Брусли" деб атадим. Кема логистика идорасида ишлайман, деди.
Яъни ўртадан паст, маоши зўрға ўзига етадиган одам эди. Кипрда логистика ходимлари катта маош олмайди.
Мен ҳам ўзимни студент деб таништирдим. Ётоқхонада тураман, деб алдадим.
Хуллас, танишдик. У камбағал эмас, балки ғирт қашшоқ эди. Никосиянинг занжилар яшайдиган маҳалласидаги уч қаватли уйнинг биринчи қаватидаги катакда ижарага яшарди.
Мен юрак ютиб бу уйга кирганимда пакана ва семиз грек эркак келиб:
— Нега свет пулини тўламадинг? — деб тергаб кетди.
Умримда бундай қашшоқликни кўрмагандим. Арзон балиқ консервини очиб "олдимга қўйди". Шишаси икки евро турадиган арзон винодан қуйди.
Мен "студент" ролида бўлганим учун бу қашшоқликни кўрмасликка тиришдим. Шу ҳолига Брюс жуда билимдон ва айниқса замонавий мусиқа трендларини яхши биларди.
Мен Брюсни яхши кўриб қолгандим. "Майли, шу қашшоққа тегарман", деб ҳам чамалаб кўрдим.
Брюс жуда назокатли эди. Шаҳвоний очкўзлик ўрнига гўзал ва ўта диққатли муносабат қилар эди.
Бир куни Никосиядаги кинозалда кино кўриб ўтирганимизда мен илкис ўгирилиб, уни ўпиб олдим. У мени эмас! Мен уни! Бечора қизариб кетди.
Бу орада мен Ўзбекистонга бориб келдим. Куни кеча у менга учрашганимизнинг бир йиллигини эслатиб:
— Сюрпризим бор, — деди.
"Майли, арзонроқ кафега олиб бориб, пицца олиб берар", деб ўйладим.
Таксига ўтириб, бир жойга бордик. Таксидан тушдим. У кўзимни қора лента билан боғлади.
Лента ечилганда мен кумушранг Bentley Continental машинаси олдида, бир қўлида бир қучоқ қизил атиргул, яна бир қўлида узук қутичасини ушлаб, тиз чўкиб турган Брюсни кўрдим.
Қандайдир сийқаси чиққан кинолардаги саҳнага ўхшарди.